Ру En O'z
14 Август 2022 1805

Туркияда Ўзбекистон делегацияси раҳбарияти ва Ислом бирдамлиги спорт федерацияси Бош котиби ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Шу кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида дунёнинг 56 давлати спортчилари иштирокида V Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Жорий йилги спорт мавсумининг энг йирик комплекс мусобақасида Ўзбекистон шарафини 24 та спорт тури бўйича 265 нафар атлетимиз ҳимоя қилишяпти.

Бугун Коньядаги "Grand Millenium" меҳмонхонасида Ўзбекистон спорт делегацияси раҳбарияти, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов ҳамда Миллий Oлимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов Ислом бирдамлиги спорт федерацияси Бош котиби Муҳаммад Ал Гарнас билан учрашишди.

Суҳбатда Ш.Маҳмудов йилдан йилга Ислом бирдамлиги спорт федерацияси томонидан ўтказиб келинаётган тадбирларнинг нуфузи ортиб бораётгани, жумладан Ўзбекистон томони ҳам унга катта қизиқиш билан қараётгани, бунинг исботи сифатида мамлакатимиз Туркияга олдинги ўйинларга нисбатан анча катта делегация билан келганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Шахрулло Шарипович мамлакатимиз Ислом бирдамлиги спорт федерацияси билан ҳамкорликда ўйинлар дастурига киритилган турлар бўйича мусобақаларни ўтказишга тайёрлигини ҳам айтиб ўтди. Бунга мисол тариқасида 2020 йилнинг февраль ойида Тошкентда оғир атлетика бўйича Халқаро бирдамлик мусобақаси зўр муваффақият билан ташкил этилганини ёдга олди.

Ўз навбатида Ойбек Касимов давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда йирик ва нуфузли спорт мусобақаларини ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилаётганини маълум қилиб, бунга дзюдо бўйича жорий йил октябрь ойида Тошкентда бўладиган жаҳон чемпионати, 2023 йили ташкил этиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионати, Тошкент-2025 ўсмирлар Осиё ўйинлари каби мусобақаларни мисол келтирди. Бу борада Ислом бирдамлиги спорт федерацияси билан ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли эканини билдирди.

Учрашувда Муҳаммад Ал Гарнас ҳам юртимизда спортга берилаётган эътиборни юқори баҳолади. Хусусан, V Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси айни пайтда умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олиб тургани, атлетларимиз қайд этаётган натижалар эса мутахассисларни ҳайратга солаётганини эътироф этди. Шу билан бирга у бўлажак мусобақаларда юртимиз спортчиларига омадлар тилади.

Text to speech