Ру En O'z
13 Август 2022 1648

Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан атлетларимиз барча баҳсларга шай чиқишмоқда

Туркиянинг Конья шаҳрида Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Таэквондо баҳсларида Ўзбекистон делегацияси байроқдори Улуғбек Рашитов ўзига хос ирода кўрсатиб, олтин медалга эга чиқди.

Гап шундаки, чорак финал баҳсида Рашитовнинг эронлик рақиби унга қарши тақиқланган зарбани қўллади. Кучли зарбадан сўнг, кўпчилик Улуғбекнинг курашни давом эттира олишидан ҳавотирда эди. Аммо Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази шифокорлари Олимпия чемпиони ҳисобланган мусобақа фаворитига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиб, уни курашга қайтаришга муваффақ бўлишди ва ўзига хос тарзда ушбу олтин медалнинг қўлга киритилишида муҳим роль ўйнадилар. Спортчимизнинг ҳолати ҳақида Тиббиёт маркази мутахассислари қуйидагича жавоб беришди:

"Улуғбек Рашитов мусобақа давомида товон соҳаси, ахил пайи бириккан нуқтадан жароҳат олди ва бунинг натижасида спортчимиз кучли оғриқни ҳис қилди. Таэквондочимизга келгуси босқичларда даянга чиқиши учун «Game Ready» музлатувчи ускуна, лазерь, ультратовуш ҳамда бошқа бир қатор усулларни қўллаган ҳолатда тиббий ёрдам кўрсатилди".

Натижа эса барчага маълум, Улуғбек Рашитов барча беллашувларда рақибларидан ҳар томонлама устун эканини кўрсатиб, делегациямизга муҳим олтин медални тақдим қилди.

Text to speech