Адҳам Икрамов Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири билан истиқболли режаларини муҳокама қилди
Айни кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари қизғин тарзда давом этмоқда. Юртимиз атлетларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳам айни вақтда Конья шаҳрида бўлиб турибди. Шунингдек, вазир ташрифининг кун тартибидан хорижлик спорт мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиш ва ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилиш масалалари ҳам ўрин олган. Хусусан, бугун Коньядаги "Grand Millenium" меҳмонхонасида Адҳам Икрамов Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Меҳмет Касапоглу билан учрашди.
Мулоқотда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Адҳам Икрамовга ҳамроҳлик қилди. Учрашув самимий руҳда ўтиб, икки мамлакат ўртасида спорт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, футбол, дзюдо, бокс, оғир атлетика каби спорт турларида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Шу ўринда, Адҳам Икрамов Меҳмет Касапоглу ҳамда V Ислом бирдамлик ўйинлари ташкилотчиларига спортчилар учун яратилган шароитлар ва юқори даражада ташкил этилаётган тадбирлар учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири туркиялик ҳамкасбига Ўзбекистонда ташкил этилаётган нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан шу йил ўтказиладиган дзюдо, 2023 йили бўладиган бокс бўйича жаҳон чемпионати, яқинда мезбонлик ҳуқуқи қўлга киритилган шахмат бўйича 46-Бутунжаҳон Олимпиадаси ҳақида тўхталиб, ушбу тадбирларда Туркия спорт делегациясини ҳам фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Учрашув қизғин давом этаётган бир вақтда Адҳам Икрамовга ўзбекистонлик ёшлар 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ғолиб бўлишгани тўғрисидаги ахборот етказилди ва бу хушхабардан мамнун бўлган Туркия ёшлар ва спорт ишлари вазири Меҳмет Касапоглу Ўзбекистон халқи ва шахмат Олимпиадаси ғолибларини тарихий ғалаба билан муборакбод этиб, ҳамюртларимизга келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар тилади.