Ру En O'z
9 Август 2022 1358

Адҳам Икрамов Коньядаги атлетлар шаҳарчасида делегациямиз вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларига ташриф буюрди. Вазир дастлаб Атлетлар шаҳарчасида спортчиларимиз билан учрашди. Улар билан яратилган шароитлар, беллашувларга олиб борилаётган тайёргарлик хусусида суҳбатлашди. Шунингдек, мусобақада шу пайтгача ғолиб ва совриндор бўлган ҳамюртларимизни эришган муваффақиятлари билан қутлади.

Шундан сўнг штаб вакиллари билан йиғилиш ўтказилди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов делегациямизнинг фаолияти, спортчиларимизнинг иштироки, штабда йўлга қўйилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Адҳам Икрамов штабда барча йўналишдаги масъуллар билан алоҳида гаплашар экан, жамоамиз эришадиган муваффақият ҳамманинг ўз ишини пухта бажариши ортидан келишини таъкидлади. Қолаверса, ҳар бир терма жамоа мураббийлари билан атлетларимизнинг ҳолати ва кутилаётган натижалар хусусида бирма бир гаплашиб чиқди.

Спортни ривожлантириш вазири ушбу ўйинларнинг аҳамияти қанчалик катта экани, ундаги муваффақиятли иштирокимиз орқали халқимиз ва давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш лозимлигини яна бир карра эслатиб ўтди. Йиғилиш давомида иш самарадорлигини кучайтириш, атлетлар ва делегация аъзоларининг хавфсизлиги, саломатлигини таъминлаш бўйича барча масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Коньяга ташрифи давомида Адҳам Икрамов ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш йўлида бир қатор учрашувлар ўтказиши ҳам белгиланган.

Text to speech