Ру En O'z
7 Август 2022 1538

Коньяда Ўзбекистон делегацияси штаби тўлақонли иш бошлади

Хабарингиз бор, айни кунларда Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўтказилмоқда. 2 август куни МОҚ раис ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Коньяга келиб, барча тайёргарлик ишларини олиб бораётган эди. Эндиликда Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми ҳам Туркияга етиб борди.

Ҳукуматимиз вакиллари, Спортни ривожлантириш вазирлиги, МОҚ раҳбариятининг мезбон шаҳарга ташрифи биланоқ мамлакатимиз учун ажратилган бинода Ўзбекистон делегациясининг штаби тўлақонли ўз фаолиятини бошлади. Дастлаб делегация раҳбарияти иштирокида йиғилиш ўтказилиб, мусобақа давомида амалга ошириладиган ишлар яна бир карра кўриб чиқилди. Унда мазкур мусобақанинг аҳамиятидан келиб чиқиб ҳар бир ходимдан ўзига бириктирилган вазифага катта масъулият билан ёндашиш зарурлиги яна бир карра эслатиб ўтилди.

Бу йилги Ислом бирдамлиги ўйинларида мамлакатимиз 265 нафар спортчи билан иштирок этади. Шубҳасиз, бунда атлетларимиз, мураббий ва бошқа мутахассисларнинг саломатлигини назорат қилиш олдинда турган асосий вазифалардан бири. Штабда тиббиёт пункти учун алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, ушбу йўналишда ҳам керакли ишлар олиб борилмоқда. Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази шифокорлари мунтазам равишда спортчиларимизнинг саломатлигини назорат қилиб туришибди. Бунинг учун барча зарур дори воситалари ва техник жиҳозлар келтирилган. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон делегациясининг мусобақада муваффақиятли иштирок этиши учун барча кучлар сафарбар этилган ва биз атлетларимиздан ёрқин ғалабалар кутамиз.

Text to speech