Ру En O'z
4 Август 2022 1311

“Осиё болалари" ўйинларининг уч карра ғолиби Рустам Абдуллаев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди

Россиянинг Владивосток шаҳрида ўтказилаётган “Осиё болалари” VII халқаро спорт ўйинлари доирасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда “Осиё болалари” Халқаро қўмитаси раҳбари Владимир Максимов, мусобақа дирекцияси директори Эльмир Валитов, шунингдек, бир қатор спорт турларида муваффақиятли иштирок этган атлетлар қатнашишди. Эътиборлиси, ташкилий қўмита таклифига биноан, тадбирда енгил атлетика баҳсларида 3 бор олтин медалга сазовор бўлган ҳамюртимиз Рустам Абдуллаев ҳам иштирок этди.

Анжуманда Владимир Максимов Ўзбекистон делегациясининг умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга кўтарилиб олганини алоҳида таъкидлаб, мусобақада иштирок этаётган бошқа жамоаларга ҳам омад тилаб ўтди.

Тадбирда ёш спортчилар беллашувлардан олган таассуротлари, дўстона рақобат ҳақида гапириб ўтишди. Ўз ўрнида, Рустам Абдуллаев давлатимиз томонидан мазкур ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриш учун барча шароитлар яратиб берилгани, ташкилий ишлар юқори даражада йўлга қўйилгани, мезбонлар томонидан жамоамиз учун барча қулайликлар муҳайё қилингани ҳақида гапириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа 8 августга қадар давом этади.

Text to speech