Ру En O'z
2 Август 2022 2314

Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг раҳбариятида ўзгариш

Бугун Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Кудбиев раҳбарлигида федерациянинг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, мутахассислар, мураббийлар, спортчилар, ҳакамлар, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий давлат солиқ бошқармаси бошлиқлари (видеоконфренцалоқа платформаси орқали) иштирок этди.

Кун тартибида федерация устави ва ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, жумладан, федерация бош котиби, ижрочи директори, раис ўринбосарлари ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини сайлаш, шунингдек, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоиз, стол тенниси мамлакатимизда энг оммавий спорт турларидан бири бўлиб, ёшларимиз бўш вақтларини мазкур спорт билан ўтказишни яхши кўришади. Буни тадбирда сўзга чиққан расмийлар ҳам алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, улар бу каби спорт турлари мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботида муҳим ўрин тутиши, бундан кейин уни ёшлар орасида янада оммалаштириш зарурлигини қўшимча қилишди.

Конференцияда федерация бош котиби лавозимига Шерзод Пардаев, ижрочи директор лавозимига эса Ойбек Музаффаровнинг номзодлари кўрсатилди ва ушбу мутахассислар конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан янги лавозимга сайланишди.

Тадбир давомида соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech