Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Владивостокдаги консуллигимизга миннатдорчилик билдиради
Мамлакатимиз делегацияси халқаро майдондаги муҳим комплекс мусобақаларда иштирок этар экан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўмаги билан мезбон шаҳарда жамоамиз учун ҳамиша барча қулайликлар яратиб берилган.
Бу гал ҳам "Осиё болалари" Халқаро спорт ўйинларига мезбонлик қилаётган Владивосток шаҳрида Узоқ Шарқдаги ҳамюртларимиз ташкилий масалаларда ана шундай юксак профессионаллик намунасини кўрсатишди. Мусобақага делегациямизни бошлаб борган МОҚ раҳбарияти Владивосток шаҳридаги Бош консулимиз Рустам Исмоилов билан учрашув ўтказишди.
Қайд этиш жоиз, Ўйинлар давомида делегациямизни кутиб олиш ва жойлаштириш, қулай шароитларни яратиб бериш, шунингдек, куни кеча Халқаро сузиш федерацияси вакили билан ўтказилган онлайн учрашувни ташкил этишда Рустам Исмоилов бошчилигидаги жамоа катта ёрдам берди. Буни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов алоҳида таъкидлаб, кўрсатаётган ёрдами учун дипломатимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтишди.
Самимий руҳда ўтган учрашув якунида Қўмитамиз вакиллари Рустам Исмоиловга миннатдорчилик белгиси сифатида эсдалик совғасини топширишди. Шунинг билан Ўзбекистон МОҚ раҳбариятининг Владивостокдаги миссияси якунланди. "Осиё болалари" Халқаро спорт ўйинларининг қолган қисмида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Абдулла Аслонов делегациямизга раҳбарлик қилади.