Ру En O'z
30 Июль 2022 1642

Халқаро сузиш федерацияси вакили билан ҳамкорлик режалари кўриб чиқилди

Юртимизда сузиш спорти ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида катта ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги дастлабки қадам июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимовнинг Венгрияда ўтган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати арафасида Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам билан ташкил этган учрашувда ташланган эди. Ойбек Касимов ва Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов унда белгиланган ҳамкорлик режаларининг кейинги қадамларини кўриб чиқиш мақсадида Халқаро сузиш федерациясининг Ривожланиш бўлими директори Морган Готье билан суҳбат олиб боришди. 

ZOOM платформаси орқали ташкил этилган суҳбатда мамлакатимизда сув спорти турларини янада ривожлантиришга оид қатор мавзулар муҳокама қилинди. Унда Спортни ривожлантириш вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этишди. Кун тартибига мувофиқ, Республикамизнинг 6 ҳудудида FINAнинг 2 нафардан экспертлари иштирокида маҳаллий мутахассислар учун 6 ойлик семинар ўтказиш кун тартибидаги асосий мавзу бўлди. Мутахассис бу борада халқаро ташкилот томонидан ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. 

Шунингдек, 2025 йил Тошкентда ўтказиладиган IV ёшлар Осиё ўйинлари доирасида сув спорти турлари учун қуриладиган замонавий объект лойиҳаси ва уни бажарадиган фирмалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Ўз навбатида, мутасаддиларимиз мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик шахсан давлатимиз раҳбари назорати остида экани, уни юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама ҳозирлик кўрилаётганини билдиришди. Суҳбат давомида томонлар кун тартибидаги мавзулар ижроси бўйича атрофлича фикр алмашишди.

Text to speech