Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти спортчилар шаҳарчасига ташриф буюрди
Айни пайтда Владивосток шаҳрида бўлиб турган делегациямиз раҳбарлари МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов спортчиларимиз истиқомат қилаётган шаҳарчага ташриф буюрди. “Океан” болалар марказига ташкил этилган кичик сафарда уларга Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Акром Низомиддинов ҳамроҳлик қилди. Мутасаддилар ёш атлетлар, мураббийлар штаби билан учрашиб, улар билан самимий суҳбатлашишди, яратилган шароитлар билан танишишди.
Шунингдек, улар 3х3 баскетбол баҳсларини кузатиш баробарида ўйиндан сўнг терма жамоамиз вакиллари билан ушбу спорт турида ўз имкониятларини синаб кўришди. Дўстона руҳда ўтган ўртоқлик учрашуви орқали мутасаддилар спортчиларимизга кўтаринки кайфият улашишди. Қайд этиш жоиз, ушбу спорт турида йигитлар ва қизлар жамоамиз 1/8 финал босқичи масаласини ҳал қилишган.
Ташриф давомида делегациямиз учун дастлабки медални тақдим этган сузувчимиз Аслиддин Абдумаликов билан ҳам учрашиб, уни қўлга киритилган муваффақият билан табриклашди. Учрашувда Қўмита раҳбарияти ёш спортчиларимизга мусобақанинг келгуси кунларида омад ва зафарлар тилаб, барчалари совриндорлар қаторидан жой олишларини тилаб қолишди.