Ру En O'z
28 Июль 2022 845

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари Қашқадарёда давом этди

Куни кеча Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бош директори А.Садиков, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев, Агентлик бўлим бошлиқлари Н.Азаматова ва Ш.Мавлоновлар Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, соҳа бўйича ўрганиш ишларини олиб боргани ҳақида маълум қилган эдик. Ишчи гуруҳ бугун Қашқадарё вилоятида ўз вазифасини давом эттирди.

Вилоятга ташрифдан кўзланган мақсад олис ҳудудларда спортга берилаётган эътибор қай даражада эканлигини билиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда антидопинг соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш борасида ўрганиш ишларини олиб боришдир.

Шу мақсадда Қашқадарёдаги Ғузор ва Касби туманларидаги БЎСМ, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлари, Қарши Олимпия ва Паралимпия захиралари коллежида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев мазкур спорт таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ва қабул жараёнлари билан танишди. Ўз навбатида, Вазирлик ходими мутасаддиларга керакли тушунтириш ва тавсиялар берди.

Ташриф якунида вилоятдаги барча спорт таълим муассасаси раҳбарлари ва туман бўлим бошлиқлари иштирокида ЗООМ платформаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилиб, олдинда турган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга керакли топшириқлар берилди.

Text to speech