Ру En O'z
28 Июль 2022 1601

“Осиё болалари” VII халқаро спорт ўйинларининг делегация раҳбарлари учрашишди

Бугун Владивосток шаҳрида “Осиё болалари” мусобақасида қатнашаётган делегация раҳбарлари иштирокида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Россия Федерацияси Спорт вазири Олег Матицин, Приморье ўлкаси Губернатори Олег Кожемяко ва мусобақа меҳмонлари, жумладан, Ўзбекистон номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қатнашди.

Суҳбат давомида мутасаддилар ёш иқтидор эгаларини кашф этиб берадиган мазкур мусобақанинг форматини такомиллаштириб, унинг таркибидаги спорт турларини янада кўпайтириш, Ўйинлар географиясини кенгайтириш каби масалалар ҳақида фикрлар билдиришди.

Ўз навбатида, Ойбек Касимов бу йилги тадбир юқори савияда ташкил этилгани, делегациямиз унга катта масштабда тайёргарлик кўргани, мамлакатимизда ёшлар спорти Президентимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, у Владивостокда иштирок этаётган атлетларимиз 2025 йил Тошкентда ўтадиган IV ёшлар Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган потенциал авлод экани, Ўзбекистон томони май ойида Тошкентда ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар вакилларининг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарлари йиғилишида ушбу минтақа Ўйинларини ҳам ташкил қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ўз ўрнида, Ойбек Омилович, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамовнинг мусобақа ташкилотчиларига йўллаган саломини ҳам етказиб, Ўйинлар ёш атлетларга ўзларини кўрсатиш учун ажойиб платформа бўлаётганини билдирди.

Тадбир давомида барча делегатлар келгусида бу каби спорт ўйинлари орқали ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва давлатлараро дўстона алоқаларни ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Text to speech