Қорақалпоқ заминидан янги Шарофиддин Болтабоевларни тарбиялаймиз
Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан Нукус шаҳрида мураббий ва дзюдочиларга семинар машғулоти ташкил этилди. Уни халқаро тоифадаги ҳакам, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Баҳодир Узакбергенов ҳамда федерация етакчи мутахассиси Аббос Юнусхўжаев олиб боришди. Мутахассислар семинар давомида қонун-қоидалардаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот беришди. Ўзгаришлар амалий машғулотлар асосида кўрсатиб берилди.
Учрашувда турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатларида қорақалпоғистонлик ҳакамларнинг иштирокини таъминлаш, Амударёдан етишиб чиққан Шарофиддин Болтабоев сингари терма жамоа аъзолари сонини кўпайтириш каби масалалар муҳокама қилинди. Семинар сўнггида Қорақалпоғистон дзюдо федерацияси раҳбари Барликбай Жеймуратов ҳамда Ҳакамлар ҳайъати раиси Ғайрат Байниязовга эсдалик совғаси топширилди.