Ру En O'z
26 Июль 2022 1657

Мутасаддиларга бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш бўйича жиддий топшириқ берилди

Интернет нашрларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ўтказилаётган текширувлар якунида бир қатор спорт федерацияларида молиявий қоидабузарликлар аниқланаётгани борасида хабарлар тарқалмоқда. Бугун МОҚда бундай нохуш ҳолатларнинг сабабини ўрганиш ва келажакда уларнинг олдини олиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. 

Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Мурод Исмоилов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ҳамда Шерзод Ташматов, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг раҳбарлари, масъул ходимлари, бухгалтерлари ва молиявий сарф-харажатларга жавобгар мутахассислари иштирок этишди. 

Йиғилишда юзага келаётган бундай вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш кун тартибидаги асосий масала сифатида жой олди. Ўз навбатида, Вазирлик ва Қўмита мутасаддилари спортчиларимиз эришаётган муваффақиятлардан кейин соҳада учраётган бундай кўнгилсиз ҳолатлар ўзбек спорти имижига салбий таъсир ўтказаётгани, барча ходимлар ўз ишларини виждонан бажаришлари лозимлигини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, масъулларга давлат бюджетидан йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш бўйича топшириқлар берилди. 

Тадбир давомида давлатимизда қонун устуворлиги, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррарлиги масъулларга яна бир бор эслатилиб, ўзбек спортини бундай иллатлардан тозалаш, йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқариб, уни такрорламаслик зарурлиги билдирилди.

Text to speech