Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон Миллий антидопинг aгентлиги бош директори А.Садиков, Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассиси У.Жўраев, Агентлик бўлим бошлиқлари Н.Азаматова ва Ш.Мавлоновлар Сурхондарё вилоятида бўлиб туришибди.
Ташрифдан кўзланган мақсад олис ҳудудларда спортга берилаётган эътибор қай даражада эканлигини ўрганиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг антидопинг соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Мутасаддилар дастлаб Термиз шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлишди. У ерда спортчиларга яратиб берилган шароитлар билан танишишди. Шундан сўнг, Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби, Жарқўрғон БЎСМ ҳамда Термиз шаҳрида жойлашган дзюдо федерацияси қошидаги мактаб фаолиятини ўрганишди.
Режага мувофиқ, ўқув-семинар ҳам ташкил этилди ва спортчилар, спорт шифокорлари ҳамда мураббийларга антидопинг қоидабузарлик турлари бўйича семинар ўтказилди.
Сурхондарёга ташриф якунида вилоятдаги барча спорт таълим муассасаси раҳбарлари иштирокида ЗООМ платформаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш давомида мутасадди раҳбарларга керакли тушунтириш ишлари олиб борилди ва тавсиялар берилди.