Азизжон Камилов дзюдочиларимиз билан яқин режалар ҳақида суҳбатлашди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов терма жамоа мураббийлари ва спортчилар билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ўтган учрашувнинг асосий мавзуси август ойида терма жамоамизни кутиб турган икки асосий мусобақага тайёргарлик ҳақида бўлди. 4-7 август кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султан шаҳри катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилса, 15-17 август кунлари Ислом бирдамлиги ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо баҳслари бўлиб ўтади. Ҳар иккала мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда иштирок этади.
Илиас Илиадис мураббийлигидаги эркаклар терма жамоаси мусобақаларга Грузиянинг тоғли Бакуриани шаҳрида тайёргарлик кўрди. Марко Шпитка бошчилигидаги аёллар терма жамоамиз эса айни пайтда Исроилнинг Тел-Авив шаҳрида ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда. Улар билан ҳам МОҚдаги учрашув чоғида ЗООМ платформаси орқали боғланиб, мусобақаларнинг аҳамияти тушунтирилди.
Учрашувда Азизжон Камилов ҳар иккала мусобақа нафақат Ўзбекистон дзюдо федерацияси, балки мамлакатимиз спорти учун ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаб, жамоамизга тайёргарликни янада кучайтириш бўйича муҳим кўрсатмалар берди.