Ру En O'z
25 Июль 2022 1277

Конья-2021: Шерзод Ташматов тиббий йўналиш бўйича тайёргарлик билан танишди

9-18 август кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси айни пайтда барча жабҳаларда катта масштабда тайёргарлик олиб бормоқда. Бугун МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази шифокорлари билан бўлажак мусобақага тайёргарлик жараёни бўйича учрашув ўтказди.

Унда мусобақага жўнаб кетадиган шифокорлар ва ишчи гуруҳ таркиби яна бир карра кўриб олинди. Марказ шифокорлари ҳозирда терма жамоаларимиз мусобақадан аввал чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаётгани, уларнинг саломатлиги бўйича сўнгги маълумотлар қандайлиги ҳақида умумий ҳисобот беришди.

Мусобақага саноқли кунлар қолгани боис Шерзод Ташматов ҳар бир спортчимизнинг саломатлигига янада катта эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, суҳбат давомида Туркияда делегациямиз учун керак бўладиган биринчи тиббий ёрдам воситалари ва бошқа керакли дорилар рўйхатини шакллантириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Text to speech