Ру En O'z
24 Июль 2022 1498

Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоевани табриклаймиз!

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Норбоева ўз таваллуд айёмини нишонламоқда.

Танзила Камаловна Норбоева 1956 йил 24 июль куни Андижон вилоятида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. 1995-2010 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда меҳнат қилган. 2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, 2019 йил Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат Раиси лавозимига сайлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси (2016-2019 йиллар) лавозимида ишлаган. Ушбу қўмитадаги фаолияти давомида юртимизда аёллар спортини ривожлантириш борасида самарали меҳнат қилган. Унинг раҳбарлигида бу борада қатор лойиҳа ва дастурлар амалга оширилган.  

Танзила Камаловна 2011 йилдан Ўзбекистон велосипед спорти федерацисига раҳбарлик қилиб, ушбу спорт турининг юртимизда янада тараққий этишига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бу саъй-ҳаракатларни Осиё велосипед спорти конфедерацияси (АСС) ҳам эътироф этиб, Танзила Норбоевани 2019 йил "Велосипед спортини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" ордени билан тақдирлади.

Шунингдек, Танзила Камаловна Давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Танзила Норбоевани бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этиб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва куч-ғайрат тилаб қолади.

Text to speech