Ру En O'z
24 Июль 2022 1488

“Осиё болалари” VII спорт ўйинларида қатнашадиган делегациямизни тантанали кузатиш маросими ўтказилди

Жорий йил 27 июль – 8 август кунлари Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида 14-16 ёшли ўсмирлар ўртасида «Осиё болалари» VII спорт ўйинлари бўлиб ўтади. Бугун Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида унда иштирок этадиган делегациямизни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Камил Баязитов, вазир ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов ва Муроджон Исмоилов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, ўзбек спортининг таниқли вакиллари, ёш атлетларимизнинг ота-оналари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Маросимни очиб берган Адҳам Икрамов ўзбек спортининг келажаги ҳисобланмиш янги авлод вакилларига омад ва зафарлар тилаб қолди. Шундан сўнг вазир делегациямиз байроқдори, бокс бўйича Осиё чемпиони, умидли спортчимиз Темур Абдуваҳобовга Ўзбекистон байроғини тантанали равишда топширди. Ўз навбатида, ёш спортчимиз тенгқурлари номидан бўлажак мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берди.

Шунингдек, расмий кузатиш маросимида таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов, Рио-2016 Олимпиадаси совриндори, профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев, спортчиларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ёшларимизга бўлажак мусобақада омад тилашди.

Маълумот учун: «Осиё болалари» халқаро спорт ўйинлари Осиё Олимпия Кенгаши ташаббуси билан ҳар 4 йилда бир маротаба ўтказиб келинади. Ўзбекистон делегацияси унда илк бор 2008 йилда иштирок этган. Бу галги мусобақада жамоамиз 174 нафар (101 нафар ўғил бола, 73 нафар қиз) атлет билан спортнинг 17 та турида қатнашади.

Text to speech