Ру En O'z
24 Июль 2022 1730

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 65 ёшда!

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизни муборак 65 ёшингиз билан юртимиздаги кенг спорт жамоатчилиги ва Олимпия оиласи номидан самимий муборакбод этган ҳолда, Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва Ватанимиз равнақи йўлида сўнмас куч-ғайрат тилаймиз.

Сўнгги йилларда бошқарувингизда жонажон Ўзбекистонимизни ҳар томонлама янги тараққиёт босқичига олиб чиқаётган мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Сизнинг спортни ич-ичидан тушунишингиз, жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини фаол қўллаб-қувватлашингиз орқали азму шижоатли ўғил-қизларимиз халқаро майдонларда она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.

Янги Ўзбекистонда улғайиб келаётган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун Сизга камарбаста бўлиб хизмат қилишдан улкан фахр ҳиссини туямиз. Сизнинг бевосита спорт соҳаси ривожига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигингиз асосида бугунги кунда жаҳонда бокс, дзюдо, кураш, таэквондо, оғир атлетика каби спорт турларида ўзбек модели яратилди. Қолаверса, бир неча минг йиллик тарихга эга ўзбек миллий кураши Сизнинг эътиборингиз билан дунёга янада бўй чўзмоқда. Биз келгусида бу билан чекланиб қолмай, жамоавий спорт турларида ҳам дунёда ўз сўзини айта оладиган қудратли спорт мамлакати бўлишга бел боғлаганмиз.

Олдинда турган Осиё ва Олимпия ўйинлари каби йирик нуфузли мусобақаларга тайёргарлик йўлида терма жамоаларимизни доимо қўллаб-қувватлаб келишингиз, ҳар бир спортчи ва мураббийларимизга катта куч ва қанот бермоқда. Бугун Сиз барпо этаётган Янги Ўзбекистонда юрт тинчлиги, инсон қадри улуғланаётгани, халқимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланаётгани, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топаётгани бевосита Сизнинг узоқни кўзлаган истиқболли ислоҳотларингиз самараси эканлигини барча юртдошларимиз ич-ичидан ҳис қилиб турибди.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Сизни яна бир бор бугунги таваллуд кунингиз билан самимий табриклаб, жонажон диёримиз осойишталиги, давлат ва жамият равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизга улкан зафарлар тилаймиз. Ҳамиша ўзбек халқи ва оила аъзоларингизнинг бахтига соғ-омон бўлинг!

Эҳтиром ила,
Ўзбекистон спорт жамоатчилиги ва Олимпия оиласи

Text to speech