Ру En O'z
23 Июль 2022 1226

РСТИАМ мутахассислари таэквондочиларимизнинг саломатлигини кўздан кечиришди

Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари Конья-2021 V Ислом бирдамлиги ўйинларига тайёргарлик кўраётган таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг жисмоний-физиологик ҳолати, овқатланиши ва оғир юкламалардан сўнг спортчилар организмида юз бераётган ўзгаришларни ўрганиш мақсадида Ангрен шаҳрида жойлашган спорт базасига ташриф буюрдилар.

Марказнинг спорт федерациялари билан ишлаш бўйича директор ўринбосари Суннатилла Юлчиев бошчилигидаги мутахассислар терма жамоамиз бош мураббийи Павел Хан билан учрашиб, тайёргарлик жараёнлари қандай кечаётгани ва спортчиларнинг жисмоний ҳолати билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Диетолог шифокор Антоний Малков эса Янгиободдаги спорт базасининг ошхонасидаги ҳолатни ўрганиб, спортчиларнинг овқатланиш рациони билан боғлиқ тавсияларини берди.

Шундан сўнг, шифокорлар Павел Хан ҳамроҳлигида спортчилар билан шахсан учрашиб, машғулот жараёни ва уларнинг жисмоний ҳолатлари юзасидан суҳбат ўтказишди.

Якунда бош мураббий билан маслаҳатлашган ҳолда таэквондо бўйича миллий терма жамоа аъзоларини 25 июль санасида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказиш келишиб олинди.

Text to speech