Ру En O'z
23 Июль 2022 1561

МОҚ раҳбарияти Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари билан учрашди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси, Вазирлик қошида янги ташкил этилган Маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризм ва спорт бошқармаси раҳбари Анвар Абдуҳалимов билан учрашди.

Маълумки, Ташқи ишлар вазирлиги терма жамоаларимизнинг халқаро майдондаги нуфузли комплекс мусобақалар, қитъа биринчилиги ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва иштирок этишида муҳим ҳамкор ташкилотлардан бири ҳисобланади. Учрашув давомида ушбу йўналишдаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жумладан, Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик йўлидаги муҳим режалар, юртимизда илк бор ўтказиладиган Тошкент-2025 IV ёшлар Осиё ўйинларида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Анвар Абдуҳалимов Вазирлик қошида янги ташкил этилган ушбу бошқарма фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериб, атлетларимизнинг жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ҳисса қўшишдан мамнун эканини билдирди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов бундай йўналиш жамоаларимизнинг хорижга йўл олишида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг камайиши, мавжудларини бартараф этишда тезкор ечим бўлишини таъкидлаб, Вазирлик томонидан яратилаётган бундай қулайлик учун миннатдорчилик изҳор этди ва ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Text to speech