Ру En O'z
22 Июль 2022 1499

Сайфиддин Эрматовга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди

Яхши маълумки, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши томонидан узоқ йиллар юртимиз спорти ривожига ҳисса қўшган фидойи мутахассислар рағбатлантирилиб келинади. Бугун ана шундай мутахассислардан бири, футбол бўйича Республика тоифасидаги ҳакам Сайфиддин Эрматовга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Тадбир Миллий Олимпия қўмитасида ташкил этилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов иштирок этишди.

Маълумот учун, Сайфиддин Эрматов фаолияти давомида халқ орасида “Чиғатой” футбол мактаби номи билан машҳур бўлган футбол бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактабида мураббий сифатида ишлаган. Таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушельницкий, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган. Шунингдек, футбол ҳаками ва инспектори сифатида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган.

Фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялашда катта ҳисса қўшган. Шогирдлари орасида ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси Равшан Ирматов, шунингдек, жаҳон чемпионатининг яна бир иштирокчиси Осиёнинг энг яхши қанот ҳакамларидан бири Абдуҳамидулло Расуловни учратиш мумкин.

Тадбирда Сайфиддин Эрматов кўрсатилган эътибордан мамнун эканини билдириб, кейинчалик ҳам футболимиз ривожи йўлида меҳнат қилишга тайёр эканини таъкидлади.

Text to speech