Сафина Садуллаевага мухлислик қиламиз
Бугун АҚШнинг Южин шаҳрида енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг навбатдаги кун беллашувлари бўлиб ўтади. Биз учун аҳамиятлиси, унда ҳамюртимиз Сафина Садуллаева баландликка сакраш дастурида финал босқичида иштирок этади.
Беллашув маҳаллий вақт билан 17:40, Тошкент вақти билан эса 20 июль тонг саҳар 05:40 га тўғри келади. Унда ушбу йўналишда айни пайтда дунёнинг энг кучли 12 нафар атлети медаллар учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, саралаш баҳсларида 29 нафар спортчи иштирок этди. Унда 1.93 метр натижа қайд этган Садуллаева финал йўлланмасига сазовор бўлган. Қайд этиш жоиз, квалификацияда ҳамюртимиз билан атиги 5 нафар спортчигина барча баландликларни бир уринишда забт эта олган. Бўлажак финалда Садуллаевага ана шундай омадли иштирок тилаб қоламиз.