Ру En O'z
16 Июль 2022 1895

Тошкент Париж-2024 йўлида қитъамизнинг энг кучли оғир атлетикачиларини жамлайди

Пойтахтимизда ўтказилган Осиё оғир атлетика федерацияси (ООФ)нинг навбатдаги Конгресси ўз ишини якунлади. Қувонарлиси, унда Тошкент 2024 йил Париж Олимпиадаси йўлида қимматли лицензия очколарни тақдим этадиган қитъа биринчилиги мезбонлигини қўлга киритди. 

«Ўзбекистон» меҳмонхонасида бўлиб ўтган Конгресснинг иккинчи қисмида Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ҳасан Жалуд, Осиё оғир атлетика федерацияси (ООАФ) президенти Ал-Мана Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, ООАФ вице-президенти, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, шунингдек ООАФнинг ижроия қўмитаси аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Конгресс кун тартибидан ўрин олган энг муҳим масалалардан бири – Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколари тақдим этадиган 2024 йилги қитъа чемпионати мезбонини аниқлаш бўлди. Унда Ҳиндистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мазкур муҳим мусобақани қабул қилиш учун кураш олиб борди. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ООАФ Ижроия қўмитаси аъзолари ушбу турнир мезбонлигини юртимизга ишониб топширди. 

Қайд этиш жоиз, Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан тасдиқланган Париж-2024 квалификация тизимига кўра, атлетлар лицензион цикл давомида маълум даражадаги мусобақаларда иштирок этишлари шарт. Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати ана шундай турнирлардан бири ҳисобланади. Мусобақа санаси ва 2024 йилги тақвим кейинроқ эълон қилинади.

Шунингдек, Конгрессда ООАФнинг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказиладиган манзил номи ҳам эълон қилинди. Унга кўра, Қатарнинг Доха шаҳри нуфузли анжуманга мезбонлик қиладиган бўлди.

Text to speech