Ру En O'z
16 Июль 2022 1158

Осиё оғир атлетика федерациясининг Конгрессида муҳим масалалар ўртага ташланмоқда

Бугун Тошкентда Осиё оғир атлетика федерациясининг навбатдаги Конгресси бошланди. Анжуман Спортни ривожлантириш вазирлигида ташкил этилмоқда.

Унда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, Осиё оғир атлетика федерацияси (ООАФ) президенти Муҳаммад Ал Мана, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, ООАФ вице-президенти, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, шунингдек ООАФнинг Ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этишди.

Конгрессда сўзга чиққан А.Икрамов мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва спортчиларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга ўзаро ҳамкорлик учун Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияси мутасаддиларига миннатдорлик билдирди.

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳри жорий йил катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Конгрессда Баҳрайн оғир атлетика федерацияси вакили бўлажак мусобақага тайёргарлик жараёни бўйича ҳисобот берди.

Қолаверса, анжуманда Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлида лицензион характерга эга 2023 йилги қитъа биринчилигига тайёргарлик юзасидан Жанубий Кореянинг Чинджу шаҳри мерияси ва Корея Республикаси оғир атлетика федерацияси вакиллари чиқиш қилишди.

Кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири 2024 йилги Осиё чемпионати мезбонини аниқлаш бўлиб, айни пайтда ушбу мусобақани қабул қилиш учун учта давлат даъвогарлик қилмоқда. Булар – Ҳиндистон, Туркманистон ва Ўзбекистон.

«Бу каби нуфузли мусобақаларнинг юртимизда ўтказилиши халқаро майдонда Ватанимизнинг обрўсини оширишга, давлат имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман» – деди анжуманда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов.

Бугун куннинг иккинчи ярмида Конгресс ўз ишини давом эттирмоқда. Унда юқорида кўриб чиқилган масалалар бўйича якуний қарорлар қабул қилинади.

Text to speech