Ру En O'z
15 Июль 2022 1036

Мутасаддилар Осиё чемпионатига тайёргарликни кўздан кечиришди

Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Муҳаммад Жалуд бошчилигидаги Халқаро оғир атлетика федерацияси вакиллари билан ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигини қабул қиладиган “Юнусобод спорт мажмуаси”га ташриф буюришди. Мутасаддилар унда бўлажак мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик жараёнини ўрганишди.

Бу вақтга келиб, аренада мусобақа ташкилий қўмитаси Осиё чемпионатида иштирок этадиган спортчиларни сўнгги бор рўйхатдан ўтказиш жараёнини амалга ошираётган эди. Шундан сўнг ушбу жараёнга Шаҳрулло Маҳмудов, Шерзод Ташматов ва Муҳаммад Жалуд ҳам қўшилиб, иштирокчи давлатлар билан суҳбатлашишди.

Унда сўз олган Муҳаммад Жалуд ўзбек оғир атлетикасининг жаҳонда тутган ўрнига юқори баҳо берар экан, бошланаётган мусобақага юқори даражада тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, жаноб Жалуд мамлакатимиз ҳукуматига ушбу жараённи қўллаб-қувватлашдаги ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Тадбир давомида мусобақа қандай талаблар асосида ўтиши меҳмонларга яна бир бор эслатиб ўтилди ва ташкилий жараён бўйича барча керакли маълумотлар берилди. Шундан сўнг мутасаддилар арена бўйлаб мусобақага кўрилаётган тайёргарликни атрофлича ўрганиб чиқишди.

Text to speech