Ру En O'z
12 Июль 2022 2241

Диёримизда Осиё оғир атлетикасининг ёш юлдузлари жам бўлмоқда

17-25 июль кунлари оғир атлетика ишқибозларининг нигоҳи яна пойтахтимизга қаратилади. Ушбу кунларда Тошкент ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. 

Айни пайтда мусобақага катта тайёргарлик олиб борилмоқда. 21 мамлакатдан ташриф буюрадиган 300 нафарга яқин ёш юлдузлар иштирокидаги баҳсларда терма жамоамиз катта таркибда иштирок этади. Жўрабек Зоиров ва Нурулло Тоғаев бошчилигидаги жамоамиз ушбу мусобақада 36 нафар спортчи билан қатнашиши кўзда тутилган. Айни пайда бўлажак чемпионларимиз Чирчиқдаги оғир атлетика базасида сўнгги тайёргарлик жараёнини олиб боришмоқда. Жамоамиз таркибида катталар ўртасидаги жаҳон чемпиони Турсуной Жабборова, ёшлар ўртасидаги дунё биринчилиги совриндорлари Нигора Сувонова, Шарофиддин Амриддинов, Мирҳосил Мирзабоев каби номдор атлетлар бор. 

Ўз мамлакатларидаги эпидемиологик вазият сабаб ушбу спортда етакчилар қаторида саналадиган Япония ва Хитой термалари мусобақада қатнашмайди. Бироқ бу баҳслардаги шиддатли рақобатга катта таъсир ўтказа олмайди. Боиси Корея Республикаси, Қозоғистон, Эрон, сўнгги пайтларда ушбу спортда анча ўсишга эришган Ҳиндистон, баъзи вазн тоифаларида кучли етакчиларига эга Филиппин, Индонезия, Таиланд каби жамоалар бор. 

Осиё жаҳон оғир атлетикасида энг кучли минтақа ҳисобланади. Шу боис ҳар қандай ёш тоифасидаги қитъа биринчиликлари халқаро ташкилот нигоҳида бўлади. Яқинда Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти этиб тайинланган Муҳаммад Жалуд бошчилигидаги IWF раҳбарияти мусобақанинг фахрий меҳмонлари бўлишади. 

Баҳслар ҳар куни соат 11:00 ва 19:00 да бошланади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси терма жамоамизга бўлажак мусобақада омад тилаган ҳолда, мухлисларни атлетларимизни қўллаб-қувватлаш учун “Юнусобод спорт мажмуаси”га таклиф этади.

Text to speech