Ру En O'z
11 Июль 2022 1699

Велоспортчимиз халқаро мусобақада шоҳсупага кўтарилди

Озарбайжонда велошоссе бўйича “Азиз Шуша” номли халқаро турнир бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этган “Tashkent city professional cycling team” жамоаси вакили ҳам шоҳсупага кўтарилди.

Турнирнинг иккинчи босқичи жамоамиз учун муваффақиятли якунланди. Унда ёш умидли спортчиларимиздан бири Акром Суннатов иккинчи натижани қайд этди. 71 км масофани ташкил этган босқич Озарбайжоннинг Шуша ҳудудидан ўтган тоғли йўллардан иборат бўлди.

Пойгада Туркиянинг “Sakarya BB Pro Team” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган озарбайжонлик таниқли спортчи Элчин Асадов биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Мўғулистон вакили кучли учликни якунлаб берди.

Икки босқичдан иборат мусобақада Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркия, Мўғулистон, Буюк Британия, Руминия, Грузия, Тожикистондан ташриф буюрган жамоалар иштирок этишди. Терма жамоамиз вакилларидан ташкил топган “Tashkent city professional cycling team” энди июль-август ойларида Италия, Туркия ва Беларусда ўтадиган мусобақаларга тайёргарлик кўради.

Text to speech