Терма жамоамиз Будапешт “Катта дубулға” турнирини иккита медаль билан якунлади
Венгрия пойтахтида дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи яна бир мусобақа ўз поёнига етди. Унда етти нафар спортчи билан қатнашган жамоамиз турнирни кумуш ва бронза медаллари билан тугатди.
Бироз аввал +100 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Шоҳруҳ Бахтиёров бронза медали учун беллашувни ўтказди. Финляндиялик Марти Пумалайненга қарши татамига чиққан Бахтиёров ажойиб ҳаракатлари билан ғалабани ўз томонига оғдира олди ва бронза медалига эга чиқди. Ушбу натижа билан полвонимиз ўз ҳисобига жаҳон рейтинги учун 500, Париж-2024 йўлида 250 рейтинг очкосини ёзиб қўймоқда.
Шу тариқа, иккинчи таркиб билан ташриф буюрган терма жамоамиз ушбу мусобақани биттадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу натижа билан терма жамоамизни табриклаб, спортчиларимизга келгуси мусобақаларда омад тилаб қолади.