Лайлохон Собирова Осиё чемпиони, яна икки қизимиз шоҳсупада
Манама шаҳри (Баҳрайн) мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида яна бир кун ортда қолди. Қувонарлиси, унда баҳс олиб борган 3 нафар қизимиз шоҳсупага кўтарилди.
-57 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Лайлохон Собирова барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди. -53 кг вазн тоифасида Дилшoда Матназарова айлана тизимда ўтган беллашувлар якунида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, -62 кг вазнда Рушана Абдирасулова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шу тариқа, курашчи қизларимиз қитъа биринчилигини 1 тадан олтин ва кумуш, шунингдек, 2 та бронза медали билан якунлашди. Аҳамиятлииси, ушбу натижа билан аёллар терма жамоамиз Япония ва Ҳиндистондан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Энди ёш эркин кураш усталари ўз маҳоратларини намойиш этадилар.