Пойтахтимизда Корея Республикаси элчиси кубоги учун мусобақа бошланди
Тошкентда таэквондо бўйича Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Ким Хи Санг кубоги учун мусобақа бошланди. Унда Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 600 нафардан зиёд таэквондочи иштирок этмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов, жаноб Ким Хи Санг иштирок этишди. Унда сўз олган мутасаддилар мамлакатимизда таэквондо спортининг жадал суратларда ривожланиб бораётгани, терма жамоамизнинг сўнгги қитъа биринчилигида қайд этган натижасига алоҳида тўхталиб ўтишди. Тадбир давомида ёш таэквондо усталарининг чиқиши “Универсал” аренадаги мухлисларга янада кўтаринки кайфият улашди.
Шерзод Ташматов ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан, юртимизда таэквондо ривожини кучайтиришдаги ёрдами учун жаноб Ким Хи Сангга эсдалик совғасини тақдим қилди.