Япониялик рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмаган Фируза Эсенбаева Осиё чемпионати совриндори бўлди
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар (U20) ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Ортда қолган навбатдаги кунда қизларимиз ҳам совриндорлар қаторидан жой олишди.
Аёллар кураши мусобақасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Фируза Эсенбаева қитъа биринчилигининг бронза медалини қўлга киритди. -68 кг вазн тоифасидаги курашчимиз айлана тизимда ўтган баҳсларда дастлаб Ҳиндистон ва Қирғизистон спортчиларига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Бироқ ўзида катта ирода намойиш эта олган Эсенбаева сўнгги икки беллашувда Қозоғистон ва Япония вакилаларини 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, шоҳсупага кўтарилди.
Афсуски, Муштарий Толипбекова (-50 кг) бронза медали учун кечган учрашувда мўғулистонлик Золжаргал Энхбатга 3-4, Айсанем Қурбанбаева (55 кг) қозоғистонлик Алтин Шагаевага 0-11, Диёра Абитова (59) эса қозоғистонлик Мадина Аманга 6-9 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.