Ру En O'z
6 Июль 2022 1349

Афсонавий Тедди Ринер, бутун бошли Хитой жамоаси ва Токио-2020 қаҳрамонларини қайтараётган Будапешт “Катта дубулға”си ҳақида

Будапешт шаҳри яна эътиборимиз марказида. Дунай қирғоқларида қад ростлаган ажойиб шаҳар сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатидан кейин дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирига мезбонлик қилади. 8-10 июль кунлари ўтадиган ушбу мусобақанинг бир қатор эътиборли жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

Маълум қилганимиздек, унда терма жамоамиз вакиллари ҳам иштирок этишади. Мураббийлар штабининг режаси бўйича, Будапешт турнирига айни пайтдаги иккинчи таркиб вакиллари жалб этилган. Асосий таркиб эса ҳозирда Грузияда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Бугун Венгрияга йўл олган таркибимизни яна бир бор эслатиб ўтсак:

-60 кг: Мирзоҳид Маҳамаджонов
-66 кг: Раҳимжон Субхонов
-73 кг: Шаҳрам Аҳадов
-73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев
-81 кг: Мусо Собиров
+100 кг: Шоҳруҳ Бахтиёров
-70 кг: Нодира Йўлдошева

Демак, бу мусобақа спортчиларга жорий йил пойтахтимизда ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этувчи таркибга кириш йўлида ўзларини кўрсатиш учун қулай фурсат. Жамоага Бекзод Тўрабоев ҳамда Улуғбек Азизов мураббийлик қилади.

Шу ўринда мусобақада қатнашадиган бошқа жамоалар таркибига ҳам тўхталиб ўтсак. Улар орасида энг эътиборлиси афсонавий Тедди Ринернинг қайтаётгани. Кўпчилик Токио-2020 Олимпиадасидан сўнг уни катта эҳтимол спортчилик фаолияти билан хайрлашса керак, деб тахмин қилди. Шу пайтгача мусобақаларда кўриниш бермагани ҳам бу миш-мишларни тасдиқлаётгандек эди гўё. Бироқ у Будапештда ўзини яна бир бор эслатиб қўймоқчи.

Ўз мамлакатидаги карантин сабаб 1 йил ҳеч қайси мусобақаларда иштирок этмаган Хитой жамоаси Токио-2020 Олимпиадасидан сўнг яна катта майдонга қайтмоқда. Табиийки, улар Париж-2024 лицензион даври бошланган пайтда қимматли рейтинг очколарини жамғариш, цикл учун янги авлод вакилларини мусобақаларда тоблаш имкониятидан максимал даражада фойдаланишмоқчи. Шу боис Хитой жамоаси ҳам Будапешт “Катта дубулға”, ҳам ундан кейин ўтувчи Загреб Гран-при турнирларида максимал 24 нафар спортчини рўйхатдан ўтказган.

Яна бир аҳамиятли таркиб, шубҳасиз японларда. Мусобақаларга таркиб танлашда уларнинг ажойиб тактикаси бор. Бутун бошли миллий терма жамоа бир нечта гуруҳга бўлинган ҳолда йиллик тақвимдан ўрин олган мусобақаларга белгилаб қўйилади. Будапешт учун танланган таркибнинг 7 нафар вакили сўнгги бор февралдаги Париж “Катта дубулға” турнирида курашган. Қолаверса, улар сафига Токио-2020 даги муваффақиятли иштирокдан сўнг Хифуми Абэ (-66 кг), Фуна Тонаки (-48 кг), Шори Хамада (-78 кг) каби номлар ҳам қўшилган.

Text to speech