Ру En O'z
6 Июль 2022 1182

Ўзбекистон делегацияси XI Жаҳон ўйинларида

7-17 июль кунлари АҚШнинг Алабама штати, Бирмингем шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинлари бўлиб ўтади. Дунёнинг 110 мамлакатидан тахминан 3600 нафар спортчи иштирокида кечадиган беллашувларда ҳамюртларимиз ҳам қатнашадилар.

Жаҳон ўйинлари ҳар 4 йилда ўтказиладиган, дастурининг аксарияти ноолимпия спорт турларидан ташкил топган комплекс мусобақа ҳисобланади. Ўтган йили ўтказилиши лозим бўлган мусобақа эпидемиологик вазият сабаб 1 йилга сурилган.

Регламентга кўра, мусобақада иштирок этиш учун спортчилар ўз йўналишларида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлишлари ёки маълум квалификацион мусобақадан ўтишлари керак. Бу йилги Бутунжаҳон ўйинларида Достон Отаболаев (каратэ), Екатерина Фетисова (бадиий гимнастика), Дарья Латишева (ушу), Баҳромжон Машарипов (жиу-житсу), Фанат Қаҳрамонов (муай-тай) юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

8-9 июль: Достонбек Отаболаев (каратэ);
12-13 июль: Екатерина Фетисова (бадиий гимнастика);
13 июль: Дарья Латишева (ушу);
15 июль: Баҳромжон Машарипов (жиу-житсу);
15-17 июль: Фанат Қаҳрамонов (муай-тай).

Умуман, мусобақа дастурида акробатика, роллерда фигурали учиш, соҳил волейболи, боулинг, сумо, арқон тортиш каби 30 та спорт турини учратиш мумкин. Мусобақа тарихида жамоамиз 1997 йил 1 тадан олтин ва кумуш, 2005 йил 1 та бронза медалига сазовор бўлган.

Ҳозирда Достон Отаболаев мураббийи Ўктам Бекпўлатов билан Бирмингем шаҳрида етиб борган. Делегациямизнинг асосий қисми эса бугун океан ортига йўл олди.

Бўлажак мусобақада ҳамюртларимизга омад ва зафарлар тилаймиз.

Text to speech