Юртимизда текболни янада ривожлантириш йўлида муҳим учрашув бўлиб ўтди
Текбол спорти қисқа фурсат ичида Венгриянинг миллий рамзларидан бирига айланиб улгурди. Футбол ва стол теннисини ўзида бирлаштирган ушбу жозибадор спорт тури мамлакатимизга ҳам кириб келган бўлиб, у кўплаб ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда МОҚ Бош котиби, Ўзбекистон текбол федерацияси раиси Ойбек Касимов Будапешт шаҳрида жойлашган Халқаро текбол федерациясининг штаб-квартирасига ташриф буюришди. У ерда делегациямизни халқаро ташкилот раҳбари Габор Борcани қарши олди.
Мутасаддилар учрашув давомида текболни мамлакатимизда янада ривожлантириш, ёшлар орасида уни оммалаштириш бўйича қатор масалаларни муҳокама қилишди. Қайд этиш жоиз, бунгача ушбу спортни юртимизда кенг ёйиш бўйича Халқаро текбол федерацияси, Халқ таълими вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон текбол федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Суҳбатда ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида бир қанча таклифлар илгари сурилди.
Ойбек Касимов жаноб Борcанига текбол мамлакатимиз ёшлари томонидан илиқ қарши олингани, Халқаро текбол федерацияси жўнатган инвентарлар пойтахтимиздаги бир қатор мактабларга жойлаштирилгани ва ўқувчилар бўш вақтларида ушбу спорт тури билан шуғулланаётгани ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, суҳбатда миллий терма жамоамизни шакллантириш ва халқаро мусобақаларда иштирок этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ўз навбатида, халқаро ташкилот раҳбари мамлакатимизда ушбу спорт ривожини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.