Ру En O'z
4 Июль 2022 1366

Ўзбек халқининг забардаст фарзанди Мираброр Усмоновни хотирлаб

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол федерациясининг собиқ президенти Мираброр Зуфарович Усмонов ҳаёт бўлганида бугун 75 ёшни қарши олган бўлар эди.

Ўз ишининг чин фидойиси сифатида катта ҳурматга сазовор бўлган Мираброр Зуфарович ўзбек спорти, хусусан, футболимиз ривожи йўлида улкан ишларни амалга оширганини спортимиз жамоатчилиги асло унутмайди.

Мираброр Усмонов раҳбарлик йилларида миллий спортимиз, хусусан футбол Осиё қитъасида ўз обрў ва эътиборига эга бўлди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоалари 5 бора Жаҳон чемпионатларида иштирок этишга муваффақ бўлди. Қолаверса, мамлакатимиз турли ёш тоифаларида 5 та Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Шунингдек, Мираброр Усмонов ташаббуси билан юртимизда мавжуд инфратузилма яхшиланди, бир нечта стадионлар, спорт иншоотлари, жумладан, Ўзбекистон МОҚнинг ҳозирги биноси барпо этилди.

Асосийси, у кишининг раҳбарлигида атлетларимиз Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган Олимпия ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади. Бу мустақил Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинлари тарихидаги энг яхши кўрсаткичи ҳисобланади.

Республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини юксалтириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдаги кўп йиллик хизматлари учун Мираброр Зуфарович давлатимиз томонидан «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Дўстлик» орденлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган.

Шунингдек, Осиё Олимпия кенгашининг олтин ордени, ҳамда Халқаро футбол федерациялари асоциацияси (FIFA)нинг "Хизматлари учун" ордени билан мукофотланган.

Мираброр Зуфарович 2006-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари сифатида, 2013-2017 йилларда Миллий Олимпия қўмитаси, 2015-2018 йиллар давомида эса Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти сифатида самарали фаолият олиб борди.

Мираброр Усмоновнинг ўзбек спорти ривожи йўлида амалга оширган саъй-ҳаракатлари ва у кишининг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда қолади.

Text to speech