Ру En O'z
2 Июль 2022 1589

Ўзбекистон ва Венгрия алоқалари спорт соҳасида янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов айни пайтда Будапешт шаҳрида хизмат сафарида бўлиб тургани ҳақида маълум қилган эдик. Мутасаддилар ташриф давомида Венгрия ҳукумати, хусусан, спорт соҳаси вакиллари билан учрашиб, бир қатор масалаларни муҳокама қилишди. 

Сафар давомида ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Венгриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида фаолият олиб бораётган мамлакатимизнинг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абат Файзуллаев делегациямизга ҳамроҳлик қилмоқда. 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари ўтган йили ушбу мамлакатнинг Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга қилган ташрифида ўрнатилиб, томонлар кўплаб соҳаларда стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор келишувга эришган эди. Мутасаддиларимизнинг айни пайтдаги ташрифини ушбу ҳамкорлик алоқаларининг кейинги қадами дейиш мумкин. 

Делегациямиз ташриф доирасида Венгрия Мудофаа вазири Криштоф Салаи-Бобровници билан учрашди. Қайд этиш жоиз, ушбу мамлакат тизимига кўра, спорт соҳаси Мудофаа вазирлигининг ички тузилмасидан ўрин олган. Венгрия спортчилари ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларида мунтазам шоҳсупага кўтарилиб келишади. Жумладан, венгриялик атлетлар сув спорти турлари, эшкак эшиш, қиличбозлик, дзюдо, спорт курашлари, қолаверса, футбол, гандбол каби жамоавий йўналишларда жаҳонда етакчилар қаторида эътироф этилади. Суҳбатда мазкур спорт турларини мамлакатимизда ривожлантиришда Венгрия тажрибасидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Қолаверса, ушбу юртда спорт фармакологияси ҳам анча юқори даражада тараққий этган.

Шу боис томонлар музокара давомида ҳар икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни спорт соҳасида ҳам давом эттириш, йирик комплекс мусобақалар, шунингдек, Осиё ва жаҳон чемпионатларига тайёргарлик доирасида терма жамоалар ўртасида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, спорт тиббиёти, фармакологияси бўйича тажриба алмашиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича фикр алмашишди. 

Делегациямиз ташриф давомида Венгрия ташқи ишлар вазири ҳамда штаб-квартираси Будапешт шаҳрида жойлашган Халқаро текбол федерацияси мутасаддилари билан ҳам қатор масалаларни муҳокама қилади.

Text to speech