Равшан Ирматов кикбокс ташкилотларининг Бутунжаҳон ассоциацияси президентини қабул қилди
Бугун кикбокс ташкилотларининг Бутунжаҳон ассоциацияси (WAKO) президенти Рой Бекер Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов қарши олди.
Дастлаб Рой Бекерга ўзбек спортининг шонли тарихи, атлетларимизнинг сўнги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришган муваффақиятлари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон кикбоксинг федерацияси раиси ўринбосари Ойбек Нарметов ҳамда МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев ҳам иштирок этишди.
Суҳбатда халқаро ташкилот раҳбари кикбокснинг сўнгги даврда жаҳон бўйлаб катта суратда оммалашиб бораётгани, айни пайтга келиб 147 мамлакатда миллий федерацияларга эга экани ҳақида гапирди. Шунингдек, у мамлакатимизда ушбу спортнинг тез фурсатда ривожланаётганига ҳам алоҳида тўхталди.
Равшан Ирматов Президентимиз томонидан ёшларга исталган спорт тури билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, кикбокс юртимизда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг севимли спорт турларидан бири эканига тўхталди. Учрашув давомида халқаро ташкилот ва МОҚ ўртасида истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича атрофлича фикрлар алмашилди.
Қайд этиш жоиз, кикбокс 2021 йил Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турларидан бири ҳисобланади. Мазкур спорт жорий йил Туркиянинг Конья шаҳрида ўтадиган Ислом бирдамлиги ўйинлари дастурига ҳам киритилган. Ўз навбатида, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари терма жамоамизнинг олдинда турган комплекс мусобақага тайёргарлиги учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.