Ру En O'z
30 Июнь 2022 4373

"Беш ташаббус Олимпиадаси": Республика босқичининг илк "қалдирғоч"лари тақдирланишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 201-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Беш ташаббус Олимпиадаси” шиори остидаги мусобақаларнинг биринчи фасли ҳам ўз поёнига етди.

Беллашувлар ўз номига яраша беш босқичда ташкил этилди. Маҳалладаги мусобақалар орқали старт олган оммавий спорт тадбирларида республикамизнинг 3 100 000 нафардан зиёд 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Мусобақаларнинг Республика босқичларида эса (А, B, C лигалар бўйича) 5,5 минг нафарга яқин иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

15 июндан бошлаб мусобақанинг Республика босқичига старт берилди. Ҳал қилувчи беллашувлар мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида юқори савияда ташкил этилди.

Республика босқичида ғолиб бўлган 114 нафар иштирокчи Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси томонидан муносиб равишда тақдирланди. Маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Абдулла Аслонов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди. Ғолибларга асосий терма жамоаларимиз фойдаланадиган спорт экипровкалари тақдим этилди. Бундан кўзланган мақсад соғлом турмуш тарзи тарғиботчиларига ўзбек спортининг бир бўлаги эканликларини ҳис қилишдек имконни тақдим этиш бўлди.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, ғолиб ва совриндорларнинг маҳаллаларига спорт майдончалари ҳам қуриб берилиши мутасаддилар томонидан ваъда қилинди. Бундан руҳланган иштирокчилар яратиб берилаётган имкониятлар ва эътибордан мамнун эканликлаини айтиб ўтишди.

Text to speech