Ру En O'z
29 Июнь 2022 1709

Халқаро оғир атлетика федерациясига янги президент сайланди

Албаниянинг Тирана шаҳрида Халқаро оғир атлетика федерациясининг (IWF) конгресси бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбарияти, таркибий қисмлари шакллантириб олинди.

Сайлов якунларига кўра, шу пайтгача IWF Бош котиби лавозимида фаолият олиб борган ироқлик Муҳаммад Жалуд ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди. Қайд этиш жоиз, ушбу мутахассис IWF администрациясида 26 йиллик, Бош котиб лавозимида эса 5 йиллик тажрибага эга. Яна бир аҳамиятли томони, тарихда илк бор осиёлик вакил Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбарлигига сайланди.

IWF раҳбариятининг умумий таркибий қисми қуйидагича кўриниш олди:
Президент: Муҳаммад Ҳасан Жалуд Ал Шаммари (Ироқ);
Биринчи вице-президент: Урсула Папандреа (АҚШ);
Бош котиб: Хосе Карлос Кенионес (Перу);
Вице-президентлар: Пиррос Димас (Греция), Пётр Крол (Чехия), Аттила Адамфи (Венгрия), Дорис Марреро (Венесуэла).

Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳам иштирок этди. Эслатиб ўтамиз, Шаҳрулло Шарипович, шунингдек, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти ҳам саналади.

Шунингдек, ҳамюртимиз Зуҳра Абдуллаева IWF ривожланиш ва таълим комиссияси таркибидан жой олди. Маълумот учун, ушбу таркиб Париж-2024 Олимпиадаси якунигача бўлган муддатга сайланди.

Text to speech