Ру En O'z
28 Июнь 2022 2073

Жаҳон чемпионати стартига роппа-роса 100 кун қолди. Уни қабул қилишга қанчалик тайёрмиз?

Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланишига бугун роппа-роса 100 кун қолди. 6-13 октябрь кунлари пойтахтимиз мезбонлик қиладиган мусобақа катта аҳамиятга эга. Дунёнинг 100 дан зиёд давлатидан спортчилар ташриф буюриши кутилаётган мазкур дунё биринчилигини юқори савияда ташкил этиш, юртимизга келадиган меҳмонлар учун барча қулайликларни яратиш, уларнинг яхши таассуротлар билан қайтишлари учун ҳозирданоқ зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ўзбекистон дзюдо федерациясида МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бошчилигида йилнинг энг муҳим стартига тайёргарлик масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда жаҳон чемпионати иштирокчилари, фахрий меҳмонлар, делегацияларни кутиб олиш ҳамда меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга юқори сервис хизматини кўрсатиш масалалари кўриб чиқилди. Азизжон Якубжанович ушбу масалалар тадбирни юқори савияда ташкил этишда катта аҳамият касб этишини таъкидлаб, уларга жиддий ёндашиш зарурлигини билдирди.

Йиғилиш давомида бўлажак мусобақа рамзи, меҳмонлар ва шоҳсупага кўтариладиган спортчиларга бериладиган эсдалик совғаларининг намуналари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, куни кеча эълон қилинган “Ўзбекистонда дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорининг ҳар бир банди бўйича ҳам фикр алмашилиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech