Касб байрамингиз муборак бўлсин, қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
27 июнь санаси мамлакатимизда журналистиканинг том маънода туғилган кунидир. Бундан 115 йил аввал, аниқроғи, 1907 йил айнан ушбу санада жадидчилар ҳаракати билан илк ўзбек ОАВ – “Тараққий” газетаси чоп этила бошланди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, мазкур сана диёримизда ҳар йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонлаб келинади.
Тўртинчи ҳокимият, дея таъриф бериладиган ОАВга мамлакатимизда сўнгги йиллар ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз бошчилигида сўнгги йилларда журналистикага оид 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва улар амалда ўз ижросини топиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаши билан жамиятимиз янада тараққий этяпти. Жумладан, сўз эркинлигининг таъминланиши соҳа мутахассислари учун катта имкониятлар эшигини очди. ОАВ ходимлари юртбошимиз билан елкама елка туриб Янги Ўзбекистоннинг йил сайин тараққий этишида Президентимизга камарбаста бўлиб келмоқдалар.
Хусусан, спорт соҳасида меҳнат қилаётган ҳамкасбларимиз халқимиз ва спортчиларимиз орасида ўзига хос “кўприк” вазифасини ўтаб, музаффар атлетларимизнинг халқаро майдонда эришаётган ютуқларини тезкор ва ишончли қилиб етказиб беришмоқда. Айниқса, йилдан йилга спортни ёритишга ихтисослашган телеканаллар, интернет нашрлари ва блогерларнинг кўпайиб бориши, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботининг янада ортишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда фаолият олиб бораётган барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини бугунги байрам билан табриклаб, уларнинг машаққатли ва масъулиятли фаолиятларини адо этишлари йўлида куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.