Ру En O'z
26 Июнь 2022 2222

Олимпия куни Янги Ўзбекистон ёшларини “Янги нафас” билан бирлаштирди

Бугун Ёшлар ва Халқаро Олимпия кунига бағишлаб ташкил этилган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси Республикамизнинг минглаб ёшларини бир мақсад остида бирлаштирди. Соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлида ўтган спорт байрами иштирокчилар қалбида муҳрланиб қолди. 

“Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бугунги тадбирнинг бош дастури бўлди. Унда нафақат соғлом атлетлар, балки имконияти чекланган ҳамюртларимиз ҳам 3 км масофага кечган дўстона пойгада ўз омадини синаб кўришди. 

Тадбирда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ёшлар ишлари агентилиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раҳбарияти, минглаб спортсевар ҳамшаҳарларимиз, ўзбек спортининг таниқли юлдузлари ва пойтахтимиз меҳмонлари иштирок этишди. 

Очилиш маросимида сўз олган расмийлар Президентимиз ташаббуси билан нишонланаётган ва ҳозирда миллий байрамларимиз орасида муносиб ўрнини топган Ёшлар кунининг мана шундай спорт байрами билан ташкил этилиши мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш, ёшларимизни спортга кенг жалб қилишда муҳим аҳамият касб этишига урғу беришди. Шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг Олимпия оиласига йўллаган мурожаати тадбирнинг эътиборли қисмларидан бўлди. 

Шундан сўнг пойгага расман старт берилди. Қайд этиш жоиз, бу тадбир нафақат пойтахтимиз, балки Республикамиз бўйлаб Чирчиқ, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Шаҳрисабз, Наманган, Фарғона шаҳарларида ҳам бир вақтда ўтказилди. Ҳар бир шаҳарда 2 мингдан зиёд ўғил-қизлар соғлом турмуш тарзи тарғиботига ўз ҳиссаларини қўшишди. 

Муросасиз пойга якунида совриндорлар қуйидагича кўриниш олди: 

Эркаклар: 

1. Шаҳрам Абдураҳмонов (ЎзДЖТСУ)

2. Жавоҳир Холиқбердиев (Қуролли кучлар академияси)

3. Маъруф Ҳамроқулов (ЎзДЖТСУ) 

Аёллар: 

1. Ангелина Насибуллина (Чилонзор туман БЎСМ)

2. Озода Ёндошева (ЎзМУ)

3. Зиёдабону Мадлатипова (Тошкент стоматология институти)

Шунингдек, пойганинг энг ёш ва энг кекса иштирокчилари ҳам алоҳида тақдирланишди. Шундан сўнг эстрадамизнинг ёрқин вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга мантиқий якун ясаб берди.

Text to speech