26 Июнь 2022
1926
Рафалович қитъамизда тенгсиз, Осипова бронза медали соҳибаси
Корея Республикасида таэквондо WT бўйича Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда. Қувонарлиси, мусобақанинг бугунги куни ҳам таэквондочиларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Чемпионатда -87 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган икки карра ЖЧ финалчиси Никита Рафалович барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. У финалда иорданиялик Фаҳед Сбейҳидан устун келди. Аёллар ўртасида +73 кг вазн тоифасида иштирок этган Светлана Осипова юртимизга бронза медали билан қайтадиган бўлди.
Никитанинг ушбу ғалабаси орқали Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳисобидаги олтин медаллар сони учтага етди. Йигитларимиз бу билан умумжамоа ҳисобида Жанубий Кореяни ҳам ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқиб олишди.