РСТИАМ мутахассислари спортчиларимиз учун психологик тренинг ўтказишда давом этади
Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг “Спорт психологияси” ҳамда “Спорт диетологияси ва фармакологияси” бўлими мутахассислари терма жамоаларимиз олиб бораётган ўқув-йиғин машғулотларига ташриф буюришди. Унда спортчиларни бўлажак мусобақаларга руҳий тайёрлаш бўйича назарий ва амалий тренинглар ташкил этилди.
Даставвал мавзу бўйича махсус сўровнома ўтказилди. Шундан сўнг хулосалардан келиб чиққан ҳолда руҳий тайёргарликни оширишга қаратилган тренинг машғулотлари олиб борилди. Шунингдек, тадбирлар доирасида спортчиларни нуфузли турнирларга тайёрлашнинг диетологик ва фармакологик жиҳатлари ҳам ўргатилиб, мавзу юзасидан керакли тавсиялар берилди. Марказ диетологлари ташриф давомида спортчиларимиз истеъмол қилаётган овқатлар рационини ҳам ўрганиш баробарида уларнинг саломатлигини ҳам кўздан кечиришди.
Маълумот ўрнида, РСТИАМ мутахассислари ушбу семинарларни Тошкент вилоятида йиғин ўтказаётган камондан отиш, оғир атлетика ва спорт курашлари бўйича терма жамоалар учун олиб боришди. Бунгача мазкур тренинглари енгил атлетика, бокс каби жамоаларимиз билан ҳам ўтказилган эди.