Спортни ривожлантириш вазири Аргентина элчиси билан учрашди
Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов Аргентина Республикасининг мамлкатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Эдуардо Антонио Зуайнни қабул қилди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов иштирок этди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, келгусидаги истиқболлари ва режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, элчи жаноблари Аргентина Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатаётгани, бу борада мамлакатимиз билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни устувор вазифа деб билиши ва икки томонлама алоқалар йўлида амалий чоралар кўришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Спортни ривожлантириш вазири Аргентина спорт соҳасида, хусусан футболда кўплаб ютуқларга эришгани ва бу Ўзбекистон футболи учун катта тажриба алмашишга яхши имконият эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Равшан Ирматов икки мамлакатнинг миллий футбол клублари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш борасида қатор таклифлар берди.
Буларга жавобан, Эдуардо Антонио Зуайнни мазкур таклифларни қўллаб қувватлаган ҳолда, ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув давомида келгусида ташкил этиладиган тадбирлар, ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.