РСТИАМ Туркиянинг етакчи компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади
Спорт тиббиёти йўналишидаги сўнгги ютуқлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, жаҳоннинг илғор ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) Туркиянинг “INVITROTEK” компанияси билан меморандум имзолади.
Ушбу тадбирда Камол Сирожитдинов бошчилигидаги РСТИАМ мутасаддилари, “INVITROTEK” компанияси бош менежери Халук Учдере иштирок этишди. Самимий руҳда ўтган учрашувда Камол Комилович давлатимиз раҳбари томонидан спорт соҳаси, хусусан, спорт тиббиётини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида маълумот берди. Ўз навбатида, Туркиялик мутахассис мазкур ишларни юқори баҳолаб, йўлга қўйилаётган ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди.
Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашди. Унга кўра, Туркия компанияси келгусида спорт тиббиётига оид сўнгги ва замонавий техникаларни РСТИАМга етказиб бериш, мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда улар учун ўқув семинарлар ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилади.
Қайд этиш жоиз, мазкур меморандум спорт генетикаси бўйича замонавий тиббий-биологик услублар ва технологиялapгa эга бўлган илғор компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш бўйича ҳукуматимиз томонидан берилган топшириқнинг амалдаги ижросидир. Мазкур келишув келажакда ўзбек спортининг янги ютуқ ва ғалабалари йўлида хизмат қилади.