“Эстафета” юнон-рум курашчиларимизда
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилаётган спорт курашлари бўйича ўсмирлар (U 17) ва ёшлар (U 23) ўртасидаги Осиё чемпионатининг навбатдаги кунги баҳслари ўз якунига етди.
Бугун юнон-рум кураши бўйича 23 ёшгача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларнинг биринчи куни бўлиб ўтди. Қувонарлиси, ушбу кун доирасида иштирок этган 4 нафар курашчимизнинг бари медалларга эга чиқди.
Шермуҳаммад Шарибжонов (-60 кг) ва Аброр Атабоев (-66 кг) барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалларга сазовор бўлишди. Афсуски, Жаҳонгир Ҳамроев (-72 кг) ҳамда Дилшод Омонгелдиев (-77 кг) ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой бериб қўйдилар ва кумуш медаль билан мусобақани якунлашди.
Шу тариқа юнон-рум курашчиларимиз биринчи кунги беллашувларни 2 та олтин ва 2 та кумуш медали билан тугатишди. Эртага қолган вазн тоифаларида медаллар учун беллашувлар давом эттирилади.