Ру En O'z
23 Июнь 2022 393

“Олимпик” футбол клубининг умумий бошқаруви МОҚ раиси ўринбосари Сакен Полатовга топширилмоқда

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш мақсадида ташкил этилган “Олимпик” футбол клуби жорий мавсум Coca Cola Суперлигасида ўзининг ёрқин ўйинлари билан минглаб мухлислар қалбини забт этиб келмоқда. Жамоа фаолиятини янада кучайтириш, олдинга қўйилган вазифаларни пухта амалга ошириш йўлида клубга янги раҳбар тайинланди.

Унга кўра, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов “Олимпик” клуби президенти сифатида жамоанинг умумий бошқарувини юритади. Сакен Джетибаевич ўзининг “Локомотив” клубидаги фаолияти билан футбол соҳасида бой катта тажрибага эга мутахассис ҳисобланади.

У “темирйўлчилар” билан 3 бор мамлакат чемпионлигини (2016, 2017, 2018) қўлга киритган. Шунингдек, яна 3 марта Ўзбекистон кубоги (2014, 2017,2018) баҳсларида ғалаба қозонган. Жамоа унинг бошқарувида 2016-йил Осиё чемпионлар лигасида чорак финалгача етиб борган.

Шу тариқа Сакен Полатовга яна бир муҳим миссия – “Олимпиячиларимиз” билан Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси юклатилмоқда. 1-19 июнь кунлари мамлакатимизда ўтказилган U23 Осиё кубогида ёшларимизнинг финалгача етиб боргани бу йўлда олиб борилаётган ишлар қанчалик тўғри йўлга қўйилганидан далолат бермоқда. Ишонамизки, Сакен Джетибаевич бошқарувида “Олимпик” янада кучайиб, ўзбек футболи мухлисларини хурсанд қилишда давом этади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Сакен Полатовга янги ва масъулиятли лавозимда олдинга қўйилган вазифани уддалашда куч-ғайрат ва омад тилайди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech